“Устозларга чексиз эҳтиром”

27

Ўзбекистонда 1 октябрь — Ўқитувчилар ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўтабар зот — ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз! Фарзандлар таълим-тарбияси, ёш авлодни баркамол инсонлар этиб камолга етказишга алоҳида эътибор қаратиш халқимизга хос эзгу фазилатлардан. Халқимизнинг устоз отангдек улуғ, деган пурҳикмат нақлида ҳам ўқитувчи ва мураббийларга бўлган самимий эҳтиром намоён. Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган бу инсонларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.

Устоз деганда, ҳар қайси инсон кўнглида чуқур ҳурмат — эҳтиром ва чексиз миннатдорлик туйғулари, шу билан бирга, ҳеч қандай бойлик билан ўлчаб ва адо қилиб бўлмайдиган қарздорлик хисси пайдо бўлади. Муаллим — устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир. Устоз ва мураббий! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъий назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлару ёрқин хотиралар ўтади
Шу муносабат билан  вилоят Ахборот-ресурс марказида  “Ўқитувчи ва мураббийлар куни”га атаб “Муаллим-мўътабар зот” мавзусида китоб суратли кўргазма ташкил этилди.

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Бухоро шаҳридаги 10-сон ўрта умумтаълим мактабининг  ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида “Устозларга чексиз эҳтиром” мавзусида тадбир ўтказилди. Тадбирда вилоят Ахборот-ресурс маркази раҳбари Эшонхонова Дилором Хидоятовна сўзга чиқиб, ёш авлодга таълим-тарбия бериш борасида  устоз ва мураббийларнинг беқиёс ҳиссаси тўғрисида гапириб бердилар ва барчани байрам билан табрикладилар.

Тадбирда устозларни, Ватанни, тинчликни, ёшлик ва гўзалликни мадҳ этувчи шеърлар  янгради. Устозларнинг фидойилиги ва жонкуярлиги, жамиятдаги ўрни акс этган видеоролик намойиш этилди. Иштирокчиларнинг дилрабо куй-қўшиқлари, рақслари барча  устозларнинг кўнглига манзур бўлди.

Тадбир сўнггида устозларга вилоят Ахборот-ресурс маркази номидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари топширилди.